Расулуллоҳнинг бошқа пайғамбарлардан афзаллиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа пайғамбарлардан афзаллиги
Савол: Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа пайғамбарлардан нима нарсалар билан афзал қилди?
Жавоб: Аллоҳ таоло бандаси ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа махлуқотлар ва пайғамбарларга нисбатан кўп нарсалар билан афзал қилди. Шулардан:
– Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Иброҳим алайҳиссаломни халил қилиб олганидек, ўзи учун халил қилиб олди;
– Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун инсоният учун пайғамбар қилиб юборди. Ундан аввалги пайғамбарларни эса ўзининг қавмигагина юборган эди. Аллоҳ таоло айтди:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман»» (Аъроф: 158);
«Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?» — деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман»» (Оли Имрон: 81).
– Бошқа пайғамбарларга берилмаган катта шафоатнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилиши ва бундан бошқа Суютийнинг «ал-Хасоис» китоби каби китобларда баён қилинган машҳур фазилатлар бор.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 3089-3.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд
Манба: Ҳикмат Нури

