Пайғамбаримиздан илгари жинларга пайғамбар юборилганми?
Пайғамбаримиздан илгари жинларга ҳам пайғамбар юборилганмиди?
Савол: Пайғамбаримиздан илгари жинларга ҳам пайғамбар юборилганмиди? Улар инсонлардан илгари яратилганми? Уларнинг шариатлари нима?
Жавоб: Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун инсу жин учун пайғамбар қилиб юборди. Алло таоло бу ҳақда шундай деди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28);
«Айтинг (сўранг): «Қай нарса энг улуғ гувоҳ бўлур?» Айтинг: «Аллоҳ У мен билан сизларнинг ўртамизда гувоҳдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга — мана шу Қуръон ваҳий қилинди» (Анъом: 19);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз сизнинг олдингизда бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилгувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни — Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилгувчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур. Ким Аллоҳга даъват қилгувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у Ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи эмасдир ва унинг учун (Аллоҳан) ўзга (Унинг азобидан қутқаргувчи) «дўстлар» ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар»» (Аҳқоф: 29 – 32);
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз»» (Жин: 1 – 2).
Бу ва бундан бошқа шу маънодаги оятлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлиги инсон ва жинлар учун умумий экани, жинларнинг шариати Ислом шариати экани, уларнинг инсонлардан илгари ёки кейин яралишларининг Ислом шариатига риоя қилишларида аҳамияти йўқлигини кўрсатмоқда.
Бизнинг жинларнинг ўзларига хос пайғамбар юборилгани ҳақида ҳеч қандай маълумотимиз йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 5848-2.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

