Пайғамбар ва расулларнинг итоат қилишдаги афзалликлари
Пайғамбар ва расулларнинг итоат қилишда бир-биридан афзалликлари
Савол: Сиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг амрларини адо этишда пайғамбар ва расуллар ўртасида устунлик борлигини айтиб ўтдингиз. Буни изоҳлаб берсангиз. Чунки, биз Аллоҳнинг амрларига итоат қилишда пайғамбарлардан бирон камчилик содир бўлмаслигига ишонамиз. Аллоҳ устингизда яхшиликлар ёғдирсин.
Жавоб: Пайғамбарлардан (Аллоҳнинг амрларини адо этиш чоғида) камчилик содир бўлмайди. Бироқ, улар Аллоҳнинг ҳузурида баркамолликдаги афзалликлари билан бир-биридан устунлик қилишади. Бу Аллоҳнинг оятилари билан собитдир:
«Ҳақиқатан, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик» (Исро: 55);
«Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253);
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида:
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг» (Аҳқоф: 35) деб, Уни матонатли пайғамбарлар қаторига қўйди.
Пайғамбарларнинг Аллоҳ ҳузурида бир-бирларидан устун бўлишларига шубҳа йўқдир. Матонатли пайғамбарлар мақоми, бошқалар мақомидан юксакдир. Улар – одамлар ичида Аллоҳнинг амрларига тўкис итоат қилган бандалардир. Ҳолбуки, барча пайғамбарлар, ҳатто сиддиқлар, шаҳидлар ва бошқа мўъминлар ҳам Аллоҳнинг амрларига итоат этадилар, риоя қиладилар.
Юқорида айтиб ўтилган яхшилик қилишда илғор бўлганлар – фарзларни бажарган, ҳаромлардан тийилган, макруҳ ва ортиқча мубоҳ нарсаларни тарк этган ҳамда нафл ва мустаҳаб амаллар билан Аллоҳга яқин бўлган бандалардир.
Бундан ташқари, бошқа мўъминлар ўртасида ҳам устунлик бордир. Улардан баъзилари сиддиқ, баъзилари яхшилик қилишда илғор, айримлари ўртача ибодат қилган ва бошқалари эса ўз жонига жабр қилганлардир. Мўъминларнинг энг олийлари – пайғамбарлардир. Пайғамбарлар ҳам, гарчи Аллоҳнинг амрларига итоат қилсаларда, мўъминлар ўртасида бўлганидек, баркамолликда бир-бирларидан устундирлар.
Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Рожиҳий
Манба: Ҳикмат Нури

