Мен Ийсони Аллоҳ қутқарганига ишонган муслима қизман
Мен Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳ қутқарганига ишонган муслима қизман …
Савол: Муҳтарам устоз! Мен издошларидан бири унинг каби кийиниб, унинг ўрнига осилиши билан Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни осилишдан қутқариб, Ўз даргоҳига кўтаргани, Қиёмат яқинлашгач у яна Ер юзига Аллоҳнинг лаънатига сазовор бўлган Дажжолни ўлдириш учун қайтишига ишонган эътиқоддаги муслима қизман. Бироқ яқинда Қоҳира Дорулфунуни Ислом Тарихи бўлимининг ўқитувчиси устоз Аҳмад Шилабийнинг «Динларни таққослаш ва шарқшунослик» номли китобида қуйидаги мазмундаги жумлаларни ўқиб қолдим: «Масиҳ алайҳиссалом (самога) кўтарилмаган. У душманларининг кўзларидан ғойиб бўлиб, бир жойда ўзининг табиий ажали билан ўлган ва оддий инсонлар каби дафн этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ийсо алайҳиссаломнинг замона охирида Масиҳуд Дажжолни ўлдириш учун нозил бўлиши ҳақидаги ҳадислари оҳод ҳадислар бўлиб, оҳод ҳадисларни эътиқодий масъалаларда асос қилиб олинмайди. Ийсо алайҳиссалом масъаласи эса эътиқодий масъаладир».
Мени ҳайратга солган нарса, муаллифнинг бу фикр – шайх Муроғий, шайх Шалтут, шаҳид Саййид Қутб ва бошқаларнинг фикри эканини айтиши эди. Тўғрисини айтсам, мен ҳақиқатни била олмай, иккиланиб қолдим. Сиздан сўрамоқчи бўлган нарсам шу: «Оҳод ҳадислар» нима дегани? Эътиқодий масъалаларда, гарчи Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг ҳадис тўпламларида нақл қилинган бўлса ҳам, устоз айтиб ўтганидек, оҳод ҳадисларга амал қилинмайдими? Мусулмон Ийсо алайҳиссалом ҳақида қандай эътиқодда бўлиши керак? Сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиман: Даъват йўлида кўрсатаётган фидоийлигингиз ва жўмардлигингиз учун сиздан ўрганишга ҳаракат қилдим ва олдиндан раҳмат.
Жавоб: Аввало, ҳадислар икки қисмга бўлинади: мутавотир ва оҳод ҳадислар. Мутавотир ҳадислар – ёлғон гапиришлари ҳеч кутилмаган ва бутун ривоят силсиласи эшитиш ва шунга ўхшаш ҳис этиш билан тугалланган жамоат тарафидан ривоят қилинган ҳадислардир. Оҳод ҳадислар эса, мутавотир ҳадиснинг бирон шарти кўринмаган ҳадислардир. Мутавотир ҳадисларни эътиқод ва фуруъотларда ҳужжат қилинади. Масалан: Қуръон Карим. Оҳод ҳадисларни эса фруъотларда ижмоъ билан ҳужжат қилинади. Эътиқодий масъалаларда эса уламоларнинг икки қавлларидан бирига кўра ҳужжат қилинади. Энди, оҳод ҳадисларни эътиқод ва усул масъалаларида ҳужжат қилмаган одамнинг иши фикрига хилоф бўлади. Балки бунга заиф нарсаларни ҳужжат қилган бўлади.
Иккинчидан: Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги соғлом эътиқод – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик билан гувоҳ бўлган авлодларнинг энг яхшилари — салаф солиҳ этиқодидир. Яъни, Ийсо алайҳиссалом ўлдирилмаган, осилмаган ва ўлмаган. Балки уни Аллоҳ таоло ўз даргоҳига тирик ҳолатида руҳи ва танаси билан кўтарган. У, замона охирида Ер юзига қайта тушиб хочларни синдиради, чўчқаларни қиради ва одамларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати билан Ислом динига чақиради. Бутун инсоният, жумладан, яҳудий ва христианларнинг барчаси унга иймон келтиради. Бу далиллар Қуръон Карим ва саҳиҳ суннатда ворид бўлгандир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 6263.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қаъуд
Манба: Ҳикмат Нури

