PDF WORD

Ийсо алайҳиссаломнинг Қуръондаги тавсифи

Ийсо алайҳиссаломнинг Қуръондаги тавсифи

Савол: Бизга, яқинда Ирландиянинг Дублин шаҳрида Муҳаммад Асад[1] қаламига мансуб «Қуръон Карим таржимаси» асарининг нашр қилиниши, бу китобни нашр қилиш учун уламолардан ҳайъат тузилгани, ушбу ҳайъат ичида ҳиндистонлик олимлар ҳам борлигининг хабари етиб келди. Муҳаммад Асад, ўзининг ушбу таржимасида Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳиссаломнинг вафот этгани ва мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг қайта Ер юзига нозил бўлиши ҳақидаги эътиқодлари хато эканини иддао қилган. Шу муносабат билан сизларга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман: Қуръон ва суннат шарифага мувофиқ Ийсо алайҳиссаломнинг тавсифлари қандай? (Шуни айтиб берсангиз?).

Жавоб: Аллоҳ таоло пайғамбари Ийсо соллаллоҳу алайҳи ва салламни онадан, отасиз яратди. Буни Аллоҳ таоло шундай тасвирлаган:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг: У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз - (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин),» деди. (Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос». (Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!» (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир». Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».[2] Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин. Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!» (Марям: 16 – 27).

Оятлар Ийсо алайҳиссалом, Аллоҳнинг изни билан, онаси Марямдан дунёга келгани ҳамда Аллоҳнинг сўзи – калимаси экани, одамларга мўъжиза бўлиши учун отадан дунёга келмаганига, шунинг учун яҳудийлар Марям алайҳассаломни Ийсо алайҳиссаломни зинодан кўргани билан туҳмат қилганларини, бунга жавобан Аллоҳ таоло бешикда ётган (кичик) Ийсо алайҳиссаломни тилга киритиб онасининг бу ишдан пок эканини баён қилдирганига далолат қилган:

«Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!». (Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур». Улар (яъни яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.[3] Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас – У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур» (Марям: 27 – 35).

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни бу мўъжиза билан унинг зоний отаси бўлишидан оқлади ва Ўзини эса фарзанди бўлишидан поклади. Демак, Ийсо алайҳиссалом – Аллоҳнинг боласи эмас.

Марям алайҳассалом ҳам ўзига бирон эркакнинг қўли тегмаганини айтди ва Аллоҳ унинг бу сўзида ростгўй эканини тасдиқлади.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни Қуръоннинг бир неча жойида онасига нисбатлаб зикр қилди. Агар унинг отаси бўлса эди, Аллоҳнинг суннатида бўлгани каби, Ийсо алайҳиссаломни отасига нисбатлаб тилга олган бўлар эди. Бу ҳам юқорида зикр қилиб ўтилган оятлар каби, Ийсо алайҳиссаломнинг бир онадангина яратилганлиги ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари ва расули эканига далолат қилади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 2190-1.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Манба: Ҳикмат Нури


[1] Муҳаммад Асад - асл исми шарифи Леопольд Вайс (1900 – 1991), Львовдаги яҳудий оилалардан бирида таваллуд топган. Бир неча марта Берлинга борган ва илмий фаолиятини шарқшуносликдан бошлаган. Шарқдаги динлар, хусусан, Ислом дини соҳасида олиб борган илмий тадқиқотлари ҳамда мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларига шоҳид бўлиб, ижобий самаралар олиши натижасида мусулмон бўлган ва бир неча илмий асарлар ташлаб кетган. Ҳаётининг охирги дамларида Испанияда яшаган (Мутаржим иловаси).

[2] Изоҳ: Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.

[3] Изоҳ: Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Аллоҳ таолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таолонинг сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» дейдиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли» дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил – ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.


·

Фикр билдиринг