Оёғи протез бўлган одам ҳаж пайтида нима қилади?
Оёғи протез бўлган одам ҳаж пайтида нима қилади?
Савол: Оёқлари кесилган одам сунъий оёқ – протез тақиб юради. У протезлари ичидан узун иштон кийиб олади. У ҳаж ва умра қилмоқчи бўлса, иштонини ечиб олишга қодир эмас. Иштон эса тикилган нарсадир. Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Бу – тикилган кийимларни кийишга, шунингдек, сунъий оёқ – протез тақишга рухсат берадиган узрдир. Бу одамнинг протези устидан пайпоқ ва маҳси кийишининг ҳам зарари йўқдир. Чунки, зарурат пайтида бундай қилишга рухсат бор.
Имом Аҳмад ва бошқалар (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!) Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни хутба қилиб: «Лунги топа олмаганлар иштон, ковуш топа олмаганлар маҳси кийсин!» – дедилар (Имом Бухорий 1712, 5405; Термизий 764; Насоий 2631, 5230; Имом Аҳмад 1751, 1848).
Агар у икки нарсани йўқ бўлганида кийиш жоиз экан, иштон, пайпоқ ва маҳсиларни протез оёққа кийиш, албатта, жоиздир. Шундай бўлсада, эҳтиёт чораси ўлароқ фидя бериб қўйиши яхшидир. Яъни, уч кун рўза тутиши, ёки олтита мискинни тўйдириши ёхуд эҳромда экан сочларини қирдиргани каби бир қўйни бўғизлаши яхшидир.
Валлоҳу аълам.
Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин
«ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ
Манба: Ҳикмат Нури

