Маҳрамсиз қилинган ҳаж равоми?
Маҳрамсиз қилинган ҳаж равоми?
Савол: Хотин киши маҳрамсиз ҳаж қилган бўлса, унинг ҳажи дурустми? Нарсаларнинг фарқига бориб қолган ёш бола маҳрам бўла оладими?
Жавоб: Ҳажи дурустликка, дуруст. Аммо унинг маҳрамсиз сафар қилиши ҳаром ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан осийликдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хотин киши маҳрам билангина сафарга чиқсин!» – деганлар.
Балоғат ёшига етмаган ёш бола – маҳрам бўла олмайди. Чунки унинг ўзи валий (васий)га ва қараб туришга муҳтождир. Бундай бола ҳеч қачон бировларга қаровчи ёки валий (васий) бўла олмайди. Маҳрамнинг балоғат ёшига етган оқил эркак бўлиши шарт қилинган. Бу сифатларага эга бўлмаганлар маҳрам бўла олмайдилар. Бу ерда кўп биз афсус қилган ишлардан бири, хотин-қизларнинг учқичларда маҳрамсиз, ёлғиз сафарга чиқишларидир. Улар бу масалага бефарқ қарамоқдалар ва бу ишларини оқламоқчи бўлиб: «Маҳрамим мени тайёрагоҳдан кузатиб қўйган. Иккинчи маҳрамим эса учқич қўнадиган тайёрагоҳда кутиб олади ва кутиш даҳлизига олиб бориб қўяди!» – демоқдалар. Бироқ бу учқич кўтарилишдан кечикиши ва бу хотин у ерда қийналиб қолиши мумкин. Ёки учқич кўтарилиши ва хотин киши кетаётган тайёрагоҳга қўна олмай, хотин киши адашиб қолиши мумкин. Ёхуд хотин киши истаган тайёрагоҳга қўнди ҳам дейлик, бироқ маҳрами ухлаб қолгани ёки касаллиги ёки йўлдаги тиқилинч ёки бошқа бирон бир ҳодиса сабабли вақтида етиб кела олмаслиги мумкин. Фараз қилайликки, кутиб оладиган маҳрами ҳам етиб келди. Бироқ хотин кишининг ёнида, учқичда, ким бирга бўлади. Балки, унинг ёнида Аллоҳдан қўрқмайдиган ва Аллоҳнинг бандаларига шафқат қилмайдиган бирор эркак бўлиб, уни алдар ва хотин ҳам у билан алданир ва бу билан маълумки, катта фитна ва ҳаром иш юзага келиши мумкин.
Шунинг учун хотин киши Аллоҳдан қўрқиши ва маҳрами билангина сафарга чиқиши керак. Аллоҳ таоло хотинлар устидан етакчи қилиб қўйган эркаклар ҳам Аллоҳдан тақво қилишлари, маҳрамлари ҳақида лоқайд бўлмасликлари ва ҳамиятлари ҳамда динлари кетмаслиги зарур. Чунки инсон, ўз рафиқасидан масъулдир. Аллоҳ таоло эса уларни эркакларга омонат қилиб қўйган ва шундай деган:
«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ёнилғиси одамлар ва тошлар бўлган жаҳаннамдан сақлангизки, у (жаҳаннам) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар туришади» (Таҳрим: 6).
Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ
Манба: Ҳикмат Нури

