PDF WORD

Мавлид

Мавлид

Савол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаш мумкинми?

Жавоб: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бирор бошқа инсоннинг туғилган кунини нишонлаш жоиз эмас, чунки бу диндаги бидъатдир. На Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифалар, на қолган саҳобалар уни (туғилган кунни) нишонламадилар. Билмоқ лозимки, уларнинг барчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини билувчироқ, у зотни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барчадан яхши кўрувчироқ ва у зотнинг ўгитларига энг гўзал услубда эргашувчироқ эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Бухорий ва Муслим ривоятлари), яъни бу амал қабул қилинмайди. Бошқа ҳадисда айтиладики: «Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар.  Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3851). Зикр қилинган икки ҳадисда бидъатдан қаттиқ огоҳлантиришни кўриш мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7). Шунингдек: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). Шунга ўхшаш маънодаги яна бошқа оятлар ҳам мавжуд: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100). «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).

Туғилган кунларни байрам деб жорий қилинса, Аллоҳ ўзининг комил динини умматга нозил қилишда ноқислик қилган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз вазифалари якунига етказмаганлар деган ҳолат вужудга келади. Бу эса бўлиши мумкин бўлмаган ҳолатдир. Динга Аллоҳ изн бермаган нарсаларни киритаётган турли инсонлар пайдо бўлмоқда. Шу билан бир қаторда улар ушбу амаллари орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилаётганликларини эътироф этишмоқда. Шубҳа йўқки бунда Аллоҳ ва Росулининг ҳукмига норозилик изҳор қилиш хатари мавжуд. Бироқ Аллоҳ бандаларинг динини комил ва тўлиқ қилди, уларга бўлган раҳматини якунлади ва бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга динни тўлиқ етказдилар. Жаннатга олиб борувчи ва Жаҳаннамдан узоқлаштирувчи йўлни изоҳсиз қолдирмадилар. Бу ўша ягона йўлки, ўзлари ундан юриб ўтган йўлдир. Ушбу таъкид қуйидаги ҳадисда ўз тасдиқини топган: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пағамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборар экан, умматларини уларга маълум бўлган барча яхшиликларга йўллаб, уларга маълум бўлган барча ёмонликлардан огоҳ қилишни зиммаларига юклади» (Имом Муслим ривояти).

Охирги пайғамбарнинг сифатлари, энг афзал ва ҳақиқатдан Росулларнинг энг охиргиси эканликлари аниқ маълумдир. Шунингдек у зот тушунтириш ва панд-насиҳат қилишда энг афзал инсон эдилар. Шундай экан, агар у зотнинг туғилган кунларини нишонлашлик диннинг бир бўлаги бўлганида ва Аллоҳ бу ишдан рози бўлганида эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни дарҳол тушунтирган ва ушбу кунни нишонлашни ҳаётлик даврларидаёқ татбиқ қилган бўлар эдилар. Ёки у зотнинг саҳобалари бу ишни уларга эргашиб қилган бўлар эдилар. Бу ишларнинг бирортаси содир бўлгани йўқ. Бундан шу нарса маълум бўладики: (мавлидни) нишонлашлик Ислом динига алоқаси бўлмаган амалдир. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисларда огоҳлантирган хатарли бидъат амалдир. Яна шу маънодаги бошқа кўпгина ҳадислар мавжуд, масалан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума хутбасида айтган сўзлари: «Аммо баъд. Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда янги пайдо қилинган) бидъат, барча бидъат – залолатдир» (Имом Муслим ривояти).

Кибор уломалор ҳайъати юқорида зикр қилиб ўтилган ва бошқа кўпгина ҳужжатлар орқали ҳар қандай туғилган кунларни нишонлашликни очиқ рад этдилар ва бу каби маросимлардан узоқ бўлишга чақирдилар. Бироқ кейинчалик баъзи уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлашга рухсат бердилар. Бунга ҳаром ишларга йўл қўйилмаслигини қатъий шарт қилдилар, масалан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мартабаларини таърифлашда ғулув кетмаслик, бир бинода эркак ва аёлларнинг жамланмаслиги, мусиқа асбобларидан фойдаланмаслик ва шу каби шариат ҳаром қилган ишлар. Улар ушбу кунни нишонлашни яхши бидъат (бидъат ҳасана) деб ҳисобладилар.

Шариатда шундай қоида борки, инсонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофларда Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қилиш шартдир. Аллоҳ айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Мана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман»» (Шуро: 10).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаш масаласида биз Аллоҳнинг Китобига мурожаат қилдик. Унда биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан қайтиш керак эканлигини топдик. Шунингдек Аллоҳ таоло бизга тўлиқ ва комил динни ато этганини хабарини берди. Шундай қилиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунларини нишонлашга буюрмадилар ва бу Аллоҳ томонидан тақдим этилган диндан эмас. Аллоҳ таоло бизга диний масалаларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қилар эканмиз на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на у зотнинг саҳобалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаганликларини ёки бирор кимга бу амални қилишни буюрганларини топмаймиз. Бу Ислом ва туғилган кунларни нишонлашликнинг номуносиблигига яна бир далилдир. Ачинарли амал бўлган бу байрамни нишонлашлик яҳудий ва насоролардан иборат бўлган аҳли китобларнинг бидъати ва уларга тақлид қилиш билан боғлиқдир.

Оз бўлсада ақли бор, ҳақни англашга интилувчи инсонга барча нарса тушунарлидир. Ушбу байрам Исломдан эмас ва бидъатдан ўзга нарса эмас. Бу каби амаллардан узоқ бўлиш ва тарк этишга Аллоҳ ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюргандир.

Шунингдек оқил инсон кўпгина давлатларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаётганларнинг сони кўплиги билан алданмасин. Чунки ҳақиқат шариатнинг муқаддас матнларидадир, одамларнинг гапларида эмас, ҳатто улар кўпчилик бўлсалар ҳам. Аллоҳ аҳли китоблар ҳақида айтади: ««Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди (яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди). Бу уларнинг хом хаёлларидир. Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжат келтиринг!»» (Бақара: 111). «Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос» (Анъом: 116).

Зикр қилиб ўтилган байрамларнинг асосий қисми, қолганларидан ташқари, шариат қайтарган кўпгина ҳолатларни ўз ичига олган. Масалан: эркак ва аёлларнинг бир жойда жамланишлари, мусиқа асбоблари ишлатилиши, наркотик моддалар ва шунга ўхшаш нарсалардан фойдаланиш ва ҳоказолар. Баъзи ҳолларда бунданда гуноҳи оғирроқ ва ёмонроқ ишлар содир бўлади – бу катта ширкдир: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бошқа бировнинг мартабасида ғулув кетиш. Баъзида эса бунданда оғирроқ ишлар – ғайб илми борлигига ишонч билан у зотдан мадад сўраш. Бу каби таъқиқланган амаллар мисолининг сони жуда катта.

Саҳиҳ ҳадисда айтиладики: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган» (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари). Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мени худди насоролар Исо ибн Марямни кўкка кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бор йўғи бир бандаман. «Аллоҳнинг бандаси ва Росули» денглар». Ҳадисни Бухорий Умардан ривоят қилган.

Ушбу масалада ажабланарли ва ғалати ҳолат шундаки, ушбу бидъатни энг зўр услубда нишонлашга ва бу қадар хато урфни ҳимоя қилишга фаоллик билан уринишади. Исломнинг фарз амалларини эса, масалан: жума ва жамоат намозларини бажарилмаган, унутилган ҳолда тарк этишади, ҳеч қандай эътиборга олишмайди. Бу каби муносабатларни ножўя ҳисобламайдилар ҳам. Шубҳа йўқки, бу иймон заифлиги, ақлнинг ноқислиги ва қалбдаги қават-қават гуноҳларнинг белгисидир. Аллоҳ таолодан бизга ва барча мусулмонларга бу каби аянчли ғамлашликдан нажот беришини сўраймиз!

Баъзиларнинг эътироф этишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз туғилган кунлари нишонлаш маросимида ҳозир бўлар эканлар. Шу муносабат билан у зотни ўринларидан туриб, муҳаббат билан олқишлашади. Бу буюк ёлғон ва улкан жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларидан Қиёмат кунигача турмайдилар ва бирор кимса билан алоқа боғламайдилар, ҳеч қандай мажлисларда ҳозир бўлмайдилар. У зотнинг танаси қабрда, руҳлари эса Роббиларининг ҳузуридаги энг юқори мартабада (аъла иллийин).

Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар» (Муъминун: 15 – 16).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни энг аввал қабри очиладиган, энг аввал шафоат қиладиган ва энг аввал бунга рухсат бериладиган инсон менман».

Зикр қилиб ўтилган оят-ҳадислар ва шу маънодаги бошқа ривоятлари шу нарсани кўрсатадики, барча ўликларнинг қабрларидан чиқишлари, хусусан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам фақатгина Қиёмат куни содир бўлади. Ушбу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Ҳар бир мусулмон, жоҳил кимсалар томонидан содир этилаётган бидъатлардан огоҳ бўлиб, ушбу ҳақиқатни англаши ва унутмаслиги лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш эса солиҳ амалларнинг энг афзалидандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади». Ушбу амални ҳар қандай вақт қилса бўлади, айниқса фарз намозидан кейин ва бошқа кўпгина ҳолатларда, масалан: азондан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр қилинганда, жума куни ва кўпгина уламоларни фикрича ҳар бир намоз сўнгида ташаҳҳуддан кейин саловот айтиш лозим. Бунга кўпгина ҳадислар далолат қилади.

Биз Аллоҳдан динни тушунишлигимизга тавфиқ беришини ва эътиқодимизни мустаҳкам қилишини, ўз раҳмати ила суннатга эргашишга ва бидъатлардан йироқ бўлишимизга муваффақ қилишини сўраймиз.

Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳ

Фикр билдиринг