«Ё, Расулуллоҳ» деб мадад сўраса бўладими?
«Ё, Расулуллоҳ» деб мадад сўраса бўладими?
Савол: Одамлар бошларига бало ёки мусибат келганида «Ё, Расулуллоҳ!» ёки «Ё, пирим!» дейдилар. Беморлик пайтларида солиҳ авлиёларнинг мозорларига бориб, улардан (даволаниш учун) мадад сўрайдилар. Буни оқлаш учун эса: «Балоларни уларнинг воситаси билан Аллоҳ даф қилади. Биз улардан мадад сўрасак ҳам, ниятимиз Аллоҳгадир. Аллоҳгина таъсир бера олади» – дейдилар. (Айтингчи), бу ширкми ёки йўқми? У одамларни, намоз ҳамда Қуръон ўқисалар ва бошқа солиҳ амалларни қилсалар ҳам мушрик деб аташ мумкинми?
Жавоб: Улар қилаётган амаллар, (Ислом дини келишидан олдинги) биринчи жоҳилият даврида яшаган одамларнинг ишларидир. Улар ҳам Лот, Манот, Уззо ва бошқа солиҳ инсонларга уларни улуғлаб ва:
«Биз уларга бизни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учун ибодат қилаяпмиз» (Зумар: 3) дея дуо қилиб, мадад сўрашар эди. Бундан ташқари улар яна:
«Ўшалар бизнинг Аллоҳ даргоҳидаги ҳомий-шафоатчиларимиздир» (Юнус: 18) – дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуонинг ибодат экани, унинг Аллоҳ учунгина қилиниши зарурлигини ва Аллоҳдан бошқасига дуо қилишни Аллоҳ таъқиқлаганини баён қилдилар. Аллоҳ таоло айтди:
«Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз! Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир» (Юнус: 106, 107).
Мусулмонларга ибодат фақатгина Аллоҳ учунгина қилиниши, пайғамбар ёки авлиёларнинг мурдаларидан эмас, Аллоҳнинг Ўзидангина мадад ва ёрдам сўралишини кўрсатиш учун, уларнинг намозларининг ҳар бир ракаатида:
«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа: 5) дейишлари вожиб бўлди.
Сизни бундай одамларнинг кўп намоз ўқишлари, кўп рўза тутишлари, Қуръонни кўп тиловат қилишлари алдамасин. Чунки улар, қилган амаллари шу дунёда бекор кетган, лекин қилаётган ишларини чиройли дея гумон қилган инсонлардир. Чунки уларнинг амаллари соф тавҳид асосида бўлмаган. Шунинг учун ҳам бекор кетган. Уларнинг ширк амаллари ва амалларининг бекорлигига Қуръон ва суннатда ҳужжатлар тўлиб ётибди. Буни ўрганиш учун Қуръон оятлари, саҳиҳ суннат ва аҳли суннат китобларига мурожаат қилишингиз мумкин. Аллоҳ таолодан ўзимиз ва сизга ҳидоятни сўраб қоламиз.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 9027 – 2.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

