Тавҳид турларини далиллари билан айтиб беринг
Тавҳид турларини далиллари билан айтиб беринг?
Савол: Тавҳид турлари нима ва уларни далиллари билан айтиб берсангиз?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг…
Тавҳид турлари учтадир: рубубийят тавҳиди, улуҳийят тавҳиди ва исм ва сифатлар тавҳиди.
Рубубийят тавҳиди – Аллоҳ таолони яратиш, ризқлантириш, тирилтириш, ўлдириш ва бошқа ишлар, Самовоту Ерни бошқариш, пайғамбарларни юбориш ва китобларни нозил қилиш билан ҳукм ва шариат чиқаришда ягона деб ишонишдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Роббиси — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).
Улуҳийят тавҳиди – Аллоҳ таолони ибодат билан яктолашдир: Унгагина сиғинилади, Ундан бошқасига дуо қилинмайди, ёрдамни Ундангина сўралади, назр ва қурбонлик Унгагина қилинади. Аллоҳ таоло айтди:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйинсунгувчиларнинг аввали — пешқадамиман» (Анъом: 162, 163);
«Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг!» (Кавсар: 3).
Исм ва сифатлар тавҳиди – Аллоҳ таолони Аллоҳнинг Ўзи ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ-соғлом ҳадисларда тавсифлаган сифатлар билан сифатлаш ва исмлар билан аташ ҳамда сифатларни Аллоҳ учун ташбеҳсиз, (махлуқларга) ўхшатишсиз, таъвилсиз ва олий исмлардан айирмай исбот этишдир:
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро: 11).
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 8943 – 1
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

