Таваккулнинг асли нима?
Таваккулнинг асли нима?
Савол: Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг асли нима?
Жавоб: «Таваккул»нинг луғавий маъноси: «Инсоннинг ожиз бўлган нарсасида бошқага мурожаат қилиши»дир. (Араблар) сизга биров бирон ишни қилишни кафолатга олса: (تَوَكَّلَ بِالأَمْرِ) дейдилар. Таваккулнинг шариатдаги истилоҳи эса: «Ишларни Аллоҳ таолога топшириш, Аллоҳга қалб билан суяниш ва Унга «Кифоя қилгувчи» дея рози бўлиш»дир.
Таваккул – кўп эҳтиёж туғиладиган ва эгаси мақталадиган қалб ибодатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Бас, Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга таваккул айланг!» (Ҳуд: 123);
«Агар мусулмон бўлсангизлар Унга (Аллоҳга) таваккул қилинглар!» (Юнус: 84);
«Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил-ҳомий қилиб олинг!» (Муззаммил: 9);
«Ва Роббиларига таваккул қиладилар» (Анфол: 2).
Яъни, ишларини Аллоҳга топшириб қалблари билан Унга суянадилар, Ундан бошқасидан умидвор бўлмайдилар, Ундан бошқасини қасд қилмайдилар ва рағбат этмайдилар. Аллоҳ, Аллоҳ қуйидаги оятда эслатганидек, уларнинг ҳомийларидир:
«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3).
Таваккул қилиш – сабабларни ушлашга зид эмасдир. Аллоҳ таоло айтди:
«Бас, Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга таваккул айланг!» (Ҳуд: 123);
«Аллоҳдан тақво қилингиз ва Аллоҳга мўъминлар таваккул қилсинлар!» (Моида: 11).
Аллоҳ таоло таваккул қилишга ва сабабларни қилиш ва зарарли нарсалардан сақланиш мужассам бўлган тақвога амр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар агар Аллоҳга лойиқ бўлганидек таваккул қилсаларингиз эди, эрталаб оч кетиб, тўқ қайтган қушларга ризқ берганидек сизларга ҳам ризқ берар эди» – дедилар (Ибн Можа 4154; Иом Аҳмад 200, 348, 351). Яъни, қушлар сабабларни қилади ва ризқини излайди.
Аллоҳга таваккул қилган одам – дунё ва охиратдаги саодат омилларини ушлаган, ризқини излаган, касби кори билан шуғулланган, Аллоҳ таолонинг сабабларни сабаб қилган эканига ишонган мўъмин бандадир. Зеро Аллоҳ хоҳласа дарахтлар мева бермайди ва савдолар даромад келтирмайди, ҳайвонлар яшамайди ва касблар пайдо бўлмайди. Шундай экан банда Роббисига таваккул қилиб, Унга ишонар экан, Роббиси уни кутмаган тарафларидан ризқлантиради.
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу масжидда ўтирган ва: «Биз Аллоҳга таваккул қилувчилармиз!» деган кимсаларни бирон иш қилишга буюрди ва: «Сизлар боқимандасизлар!» - деди. Бундан шу нарса кўринмоқдаки, банда таваккулини ожизлик, ожизлигини эса таваккул қилиб олмасин!
Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин
«Фатаава фит-Тавҳид», савол № 4.
Манба: Ҳикмат Нури

