PDF WORD

Дуо ва садақа қазои қадарни қайтарадими?

Дуо ва садақа қазои қадарни қайтарадими?

Савол: Дуо ва садақа қазои қадарни қайтарадими?

Жавоб: Аллоҳ азза ва жалланинг қадари бандаларида ўтиб бўлгандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтганидек: «На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид: 22). Ва шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Аллоҳ осмон ва ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-маҳфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳаж: 70). Ва айтдики: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).

Ушбу (ривоят) собит бўлганки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломга иймон ҳақида сўраганларида шундай дедилар: «Иймон Аллоҳга, фаришталарига, Китобларига, элчиларига ва охират кунига иймон келтиришинг, ҳамда тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғингдир» (Муслим (8)). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирини осмонлар ва ерни яратишдан эллик минг йил олдин тақдир қилиб қўйгандир» (Мулим (2653)). Ва айтдиларки: «Арши сув устида эди» (Бухорий (7419), Муслим (993)). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ҳар бир нарса тақдир-(ўлчов) биландир. Ҳатто ожизлик ва эпчиллик (ҳам)» (Муслим (2655)).

Ушбу маънодаги оят ва ҳадислар кўпдир. Ва у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шу нарса собит бўлганки, ҳодисотлар ўз сабабларига боғлаб қўйилган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари каби: «Албатта, банда унга етган гуноҳ сабабли ризқдан маҳрум бўлади. Эзгулик умрни узайтиради. Тақдирни фақат дуогина қайтаради» (Ибн Можжа (90), Аҳмад «Муснад» (5/280)). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ирода қилган маъно шуки, дуога боғлиқ қадарни дуо қайтаради. Ушбу қовллари ҳам шундай: «Кимники ризқи кенг қилиниб, гуноҳи унутилиши хурсанд айласа, бас, қариндошлик алоқаларини боғласин» (Бухорий (5985)).

Демак, тақдирни Аллоҳ субҳанаҳу бунга тўсиқ қилган тақдир қайтаради. Эзгулик, қариндошлик алоқаларини боғлаш, садақа қилишлик каби маълум бир нарсаларни вужудга келишига боғлиқ тақдир булар (эзгу амаллар) топилгани маҳал (ушбу натижа) ҳам вужудга келади. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳунинг мана бу қовлида зикр қилинган умумий тақдир остига дохил бўлади: «Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49). Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари остига дохил бўлади: «Тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирмоғингдир». Ва яна у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Садақа хатони сув оловни ўчиргани каби ўчиради» (Термизий (2616)). У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Яширин (қилинган) садақа Аллоҳнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлим (топиш)ни дафъ қилади». Ушбу бобда ворид бўлган барча оят ва ҳадислар бандани, унга фақат Аллоҳ ёзганигина етиши, унга етган нарса уни четлаб ўтмаслиги ва уни четлаб ўтган нарса унга етмаслигига иймон келтирмоқликка чорлайди. Яна уни (бандани) яхшиликларга шошилиш, тоатда кимўзарга беллашиш, яхшилик сабабларига ташна бўлиш, ёмонлик сабабларидан узоқлашиш ва Роббисидан Аллоҳнинг розилиги бўлган барча нарсага тавфиқ ва ёрдам, ҳамда барча ёмонликдан саломат қолишликни сўрашга чорлайди.

Икки саҳиҳда ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларига шундай дедилар: «Сизлардан ҳар бирингизнинг жаннатдаги ўрни ва дўзахдаги ўрни маълумдир». Шунда улар: «Эй Росулуллоҳ! Ушбу китобат қилиб қўйилганимизга таяниб, амални тарк этмаймизми?», дедилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга: «Амал қилинглар! Ҳар бир (одам) нима учун яратилган бўлса ўшанга муяссар қилиб қўйилгандир. Саодат аҳли саодат аҳлининг амалига, шақоват-(бахтсизлаик) аҳли эса шақоват аҳлининг амалига муяссар қилиб қўйилгандир». Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Лайл: 5-10). Аллоҳнинг Ўзи тавфиқ берувчидир.

 

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Фатвонинг асл манбаси

Манба: Тавҳид форуми

Фикр билдиринг