Қабрларга сажда қилиш ва уларга атаб жонлиқ сўйиш
Қабрларга сажда қилиш ва уларга атаб жонлиқ сўйишнинг ҳукми
Савол: Қабрларга сажда қилиш ва уларга атаб жонлиқ сўйишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бундай қилиш жоиз эмас. Балки, у катта ширк ва қабрда ётган мурдага қилинган ибодат ҳамда ўша маконни улуғлашдир. Бундай ишни қилган одам Аллоҳга шерик қилган бўлади. Қабрларнинг пайғамбарлар ёки бошқаларники бўлишида фарқ йўқ. «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этган касалликлари пайтида: «Аллоҳ, пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънат қилсин!» – деб улар қилган ишларни таъқиқлаганлари ривоят қилинган (Имом Муслим 823, 825).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирларида: «Огоҳ бўлинглар! Қабрларни саждагоҳ қилиб олманглар! Мен сизларга буни таъқиқлайман!» – деган эдилар (Имом Муслим 827).
Қабрлар олдида намоз ўқишни қасд қилиш ва уларга сажда қилишнинг, қабрларни саждагоҳ қилиб олиш эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Чунки намоз ўқилган барча жой, гарчи атрофлари девор билан ўралмаган бўлса ҳам, масжид – саждагоҳ деб аталади.
Ушбу таъқиқнинг сабаби, қабр олдида сажда қилишни қасд қилган одам қабрда ётган мурданинг фойда бера олиши, амалларини қабул қилиши ёки амалларини кўтариши ёхуд шафоат қилишига ишонади. У, бу махлуққа нисбатан шундай эътиқодда бўлиб, уни ўз маратабасидан кўтарган бўлади.
Авом халқ қабрларни қасд қилаётган ва қабрлар олдида намоз ўқиётган ёки дуо қилаётган ёки атрофида ибодат қилаётган ё қабрдаги мурдаларга ёлбораётган бирон пешвони кўриб қолса, у туфайли алданиб, унинг пешини тутади. Бу қабрнинг хуфёна сири борлигига ишониб, ундан айрилмайди ва унинг олдида намоз ўқийди. Бу эса уларни шу қабрда ётган мурдага ибодат қилиш ва Аллоҳга қўшиб унга ҳам дуо қилишга олиб боради. Ҳолбуки, бундай қилиш ширк бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширкдан ва ширкка олиб борадиган василалардан қайтарганлар.
Валлоҳу аълам.
Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин
«Фатаава фит-Тавҳид», савол № 6.
Манба: Ҳикмат Нури

