Қабрлар олдида авлиёлар учун қурбонлик қилишнинг ҳукми
Қабрлар олдида авлиёлар учун қурбонлик қилишнинг ҳукми
Савол: Авлиёларнинг қабрлари олдида қурбонликлар қилиб, Аллоҳга яқин бўлишнинг ва: “Фалон авлиёингнинг ҳаққи, бизга шифо бер, ёки биздан фалон мусибатни кетказ”, деган сўзларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Қуърон ва ҳадисдан келган далиллардан маълумки, Аллоҳдан ўзга авлиёлар ёки жинлар ёки бутлар ёки бундан бошқа махлуқотларга қурбонлик қилиб Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш, Аллоҳга ширк келтиришдир, мушрикларнинг жоҳилий амалларидандир. Аллоҳ деди:
“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: “Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен мана шунга (яъни, ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйинсунгувчиларнинг аввали – пешқадамиман“” (Анъом: 162, 163). Мана бу оятда Аллоҳ таъоло ўзидан бошқага қурбонлик қилиш ҳудди Аллоҳдан бошқа учун намоз ўқиган каби Аллоҳга ширк келтириш эканлигини баён қилиб берди. Аллоҳ деди:
“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб, қурбонлик килинг!” (Кавсар: 1, 2). Аллоҳ таоло бу сурада Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи учун намоз ўқишга ва қурбонлик қилишга буюрди. Ширк аҳли эса аксинча, Аллоҳдан ўзгага сажда қиладилар, ундан бошқага қурбонлик қиладилар.
Аллоҳ айтди:
“Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни амр этди” (Исро: 23).
Ва яна Аллоҳ деди:
“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар” (Баййина: 5). Бу маъно ҳақида оятлар жуда кўп. Қурбонлик қилиш ҳам ибодат. Уни ягона Аллоҳ учун холис қилиш вожибдир. Саҳиҳи Муслимда Амирил муьминийн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзгага қурбонлик қилган кишини Аллоҳ лаънатласин”.
Аммо бир киши: Авлиёлари ҳаққи, ёки авлиёларининг ҳурмати ҳаққи, ёки Пайғамбарнинг ҳаққи, ёки Пайғамбарнинг ҳурмати ҳаққи деса, бу ширк эмас. Аммо у жумҳури аҳли илм наздида бидъат ва ширкга олиб борадиган нарсалардан. Чунки дуо ибодатдир. Уни бажариш ҳолатлари ҳужжат билан асосланадиган ишлардандир. Бирон кишиниг ҳаққи ёки обрўсини васила қилишнинг мумкинлиги ёки шариатда борлигига далолат қиладиган биронта ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келмаган. Шунинг учун Аллоҳ рухсат бермаган васила қилишликни гапириш мусулмон киши учун мумкин эмас.
Аллоҳ таоло айтади:
“Балки улар (Макка мушриклари) учун диндан Аллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби) нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари-бутлари бордир?!” (Шуро: 21). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо, у номақбул ишдир”. (Имом Муслим ривояти). Бухорий ўзининг саҳиҳ китобида саҳиҳлигини қатъият билан айтган ҳолда изоҳ берган ҳадисда шундай дейилади: “Ким биз буюрмаган амални қилса, у номақбул амалдир”. Номақбулнинг маъноси: у эгасига қайтариб берилади, қабул қилинмайди. Мусулмонлар Аллоҳ буюрган нарсаларни маҳкам ушлашлари ва одамлар пайдо қилган нарсалардан эҳтиёт бўлишлари керак.
Аммо шариатда рухсат берилган васила (восита) қилиш, Аллоҳнинг исм-сифатлари, уни яккалаш ва солиҳ амалларни васила қилиш мумкин. Солиҳ амаллар қаторига Аллоҳга ва унинг Пайғамбарига иймон келтириш, Аллоҳ ва расулини яхши кўриш ва шунга ўхшаш яхшилик амаллари киради.
Бунга далиллар кўп, улар жумласидан ушбу Аллоҳнинг сўзи:
“Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлари билан чақиринглар (ёд этинглар)” (Аъроф: 180). Яна ўша далиллардан бири, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг:
اللهم اني اسالك باني اشهد انك انت الله لا الاه الا انت الاحد الصمد الذي لم يلد و لم يولد ولم يكن له كفوا احد
“Эй Аллоҳим, албатта сен Аллоҳсан. Сендан бошқа ҳақиқий илоҳ йўқ. Сен яккаю-ягона ва беҳожатсан. Сен туғмаган ва туғилмагансан. Сенга бирон киши тенг бўла олмайдиган Зотсан, деб берган гувоҳлигимни восита қилиб сендан сурайман”, деб айтаётганини эшитдилар ва дедилар: “У Аллоҳдан шундай исмини ўртага қўйиб сўрадики, қачон Аллоҳдан шу исмини восита қилиб сўралса албатта беради, агар ўша исмини восита қилиб Унга дуо қилинса дуосини қабул қилади”. Бу ҳадисни тўртта сунан соҳиблари ўз китобларида келтирганлар, Ибн Хиббон уни саҳиҳ ҳадис деган.
Ғорга тушиб қолган кишиларнинг ҳадиси ҳам ана шу далиллар жумласидандир. Улар ғорга тушиб қолган вақтларида ўзларининг қилган солиҳ амалларини васила қилганлар, уларнинг биринчилари ота-онасига қилган яхшилигини Аллоҳга васила қилган. Иккинчиси қодир бўла туриб зинодан ўзини сақлаганлигини Аллоҳга васила қилган. Учинчиси мардикорнинг олмай ташлаб кетган иш ҳаққини кўпайтириб эгаси келганда тўлалигича қайтариб берганлигини Аллоҳга васила қилган. Кейин Аллоҳ уларнинг дуосини қабул қилиб, уларнинг устидан ғорнинг эшигини ёпиб қўйган катта ҳарсанг тошни олиб ташлаш билан уларнинг қайғуларни кетказган. Ҳадиснинг саҳиҳлигига иттифоқ килинган. Аллоҳ тавфиқ эгаси.
Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

