PDF WORD

Мурдадан мадад сўраш

Мурдадан мадад сўраш

Савол: Ўлиб кетган одамнинг номини олиб: «Фалончи, мадад!» – дея кўмак сўраган одамнинг ҳукми нима? Шунингдек, олдида ҳозир бўлмаган ва олисдаги шахсдан мадад сўрашнинг ҳукми нима?

Жавоб: Аввало, ўликдан: «Фалончи, мадад!» – дея кўмак сўраган одамга насиҳат қилинади ва бу ишнинг ҳаром, балки, ширк экани тушунтирилади. Агар бу ишини қилишда давом этса, у – кофир мушрикдир. Чунки у Аллоҳ таоло қодир бўлган нарсани Аллоҳдан бошқасидан сўради ва Аллоҳнинг ҳаққини бошқаларга йўллади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).

Иккинчидан, олдида ҳозир бўлмаган олисдаги тирик одамдан мадад исташ – жоиз эмасдир. Бундай одам ҳам Аллоҳдан бошқасини чорлаб, ундан Аллоҳ таологина қодир бўлган нарсани талаб қилган бўлади. У ҳам Аллоҳ таолонинг ушбу оятига биноан мушрикдир:

«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).

Олисдаги тирик одамга дуо қилиш ҳам, ибодатдир. Бундай ишни қилган одамга насиҳат қилинади. Агар насиҳатни қабул қилмаса, у ҳам Ислом миллатидан чиқарадиган ширк амалини қилган мушрик бўлади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 4259 – 1.

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Манба: Ҳикмат Нури


·

Фикр билдиринг