«Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маънолари
«Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маънолари қайси китобда ёзилган?
Савол: Инсон ва жинларга пайғамбар қилиб юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида: «Ким: «Ла илаҳа иллаллоҳ. Муҳаммадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир) деса жаннатга киради» деган калимаи тоййиба икки бўлимни, яъни: «Ла илаҳа» (Илоҳ йўқ) инкор ва «Иллалоҳ» (Фақатгина Аллоҳ илоҳдир) исботни ўз ичига олади. Бу маъно Аллоҳнинг яктолигига далолат қилади.
Иккинчи бўлим эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини ифодалайди. Айтингчи, бу маълумотларни қайси китоблардан топишим мумкин? Агар бу иккиси Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган бўлса, бошқа қайси китобларда топишим мумкин?
Жавоб: Ислом рукнининг ушбу биринчи рукни ўзининг ҳар икки бўлими билан Қуръон Каримда ворид бўлган. Аллоҳ таоло (калимаи тоййибанинг биринчи бўлими ҳақида) шундай деди:
«Аллоҳдан ўзга ҳеч кандай тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир» (Бақара: 255);
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19);
«Мана шу Аллоҳ Роббингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир» (Анъом: 102).
Аллоҳ таоло (калимаи тоййибанинг) иккинчи бўлим(и) ҳақида шундай деди:
«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ: 29);
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир» (Оли Имрон: 144).
Суннатдан далиллар эса, Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси ривоят қилинган: «Ислом беш нарсага асосланган: «Ла илаҳа илаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш» (Имом Бухорий 7, Имом Муслим 21).
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ида Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирганимизда кийимлари оппоқ, сочлари тим қора, сафар аломатлари кўринмаган, ичимиздан бирон киши танимаган бир одам чиқиб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб тиззаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига теккизиб ўтирди ва кафтларини сонлари устига қўйди-да: «Ҳой Муҳаммад, менга Исломдан хабар беринг?», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришингиз, намозни тўкис адо этишингиз, закотни беришингиз, рамазон рўзасини тутишингиз, йўлига кучингиз етса Уй (Каъба)ни ҳаж қилишингиздир» – дедилар. (Ҳалиги одам): «Тўғри айтдингиз!», – деди. Биз: «Ҳам сўрайди ва ҳам тасдиқлайди-я?!», – деб ҳайрон бўлдик.
- Менга Иймондан хабар беринг?
- (Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталари, китоблари, элчилари, охират куни ва тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир.
- Тўғри айтдингиз. (Энди) менга эҳсондан хабар беринг?!
- (Эҳсон) – Аллоҳга Уни кўриб турганигиздек ибодат қилишингиздир. Гарчи – Сиз кўрмасангиз ҳам, У сизни кўриб туради.
- Тўғри айтдингиз. (Энди) Қиёмат ҳақида хабар беринг?!
- Бу ҳақда сўралаётган одам савол бераётган одамдан кўра билгувчироқ эмас!
- (Ундай бўлса), менга Қиёматнинг аломатларидан хабар беринг?!
- Чўрининг ўз мураббиясини туғиши, фақир, ялангоёқ ва яланғоч қўйчивон одамларнинг бинокорликда димоғдорлик қилишларини кўришингиз ( – Қиёматнинг аломатларидандир).
Сўнгра, (ҳалиги) одам кетди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдидалирда бир оз қолдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Савол берган одамни танидингизми?» – деб сўраб қолдилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули уни мендан кўра яхшироқ билади», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У – сизларга динингизни ўргатиш учун келган Жибрил эди» – дедилар» (Имом Муслим: 9).
Икки «Саҳиҳда» Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким «Ягона шерисиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад – Унинг қули ва расули, Ийсо – Унинг қули ва калимаси ва руҳи бўлиб, уни Марямга отган, жаннат – ҳақ, жаҳаннам – ҳақдир» – деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни қандай амал қилган бўлишидан қатъий назар жаннатга киритади»» (Имом Муслим: 41).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ида эса Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен одамлар билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деб айтгунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шундай десалар, намозимизни ўқисалар, қибламизга йўналсалар, ҳайвонларимизни (шариат асосида) бўғизласалар уларнинг қонлари(ни тўкишимиз), моллари(ни талон-тарож қилишимиз) ҳаромдир. Моллари ҳақидаги ҳисоблари эса Аллоҳгадир»» (Имом Бухорий 379).
Икки «Саҳиҳ»да Итбон разияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Аллоҳ Аллоҳнинг юзини излаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деган одамни (азоблашни) жаҳаннамга ҳаром қилди» (Имом Бухорий: 4892).
Илм аҳллари ушбу ҳадисларни ва шу ҳадислар маъносидаги бошқа ҳадисларни қуйидагича изоҳладилар: «Бу икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиш ва уларнинг фарзларни адо этиш ва ҳаром нарсаларни тарк қилиш ҳамда ибодатни Аллоҳнинг ўзи учунгина холис қилиш каби ҳаққини адо этган одамни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб жаннатга киритади. Аммо ширкдан бошқа гуноҳлар қилиб, тавба қилмай вафот этган одам, Аллоҳнинг хоҳишига қолади: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло хоҳласа уни мағфират қилиб, қандай амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади. Агар хоҳласа гуноҳи миқдорича азоблаб, сўнгра жаннатга киритади. Зеро бу ҳақда мутавотир ҳадислар нақл қилинган. Қуръоннинг баъзи оятлари ҳам бошқаларини, суннат каби, изоҳлайди. Аллоҳ таоло:
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирар» – деди (Нисо: 48, 116). Бу оят тавба қилмаганлар ҳақидадир.
Аллоҳ таолонинг:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилар» (Зумар: 53) ояти эса, илм аҳлларининг ижмоъси билан, тавба қилганлар ҳақидадир.
Булар аҳли суннат ва жамоат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, уларнинг изидан юрган тўрт имом ва уларнинг издошлари каби уламо ва мўъминларнинг сўзидир».
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси: Фатво № 7701 – 1
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Манба: Ҳикмат Нури

