PDF WORD

Кофирларнинг байрамларига тааллуқли нарсаларни сотиш

Кофирларнинг байрамларига тааллуқли нарсаларни сотиш

Савол: Атир шишалари ва шамдонлар каби шишадан маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ва ҳорижга сотадиган корхона бор. Менга шу корхонанинг ҳорижга мол сотиш бўлими масъуллигига ишга таклиф қилмоқдалар. Бироқ корхона, мендан янги йил байрами учун насороларга хос хоч ва ҳайкалчалар ишлаб чиқаришни талаб қилмоқда. Менга эса Аллоҳ таоло Қуръон Каримни ёд олиш ва шаръий илмлардан ҳам таҳсил олишни насиб қилган. Аллоҳдан қўрққаним учун сиздан, шу корхонада ишлашнинг ҳукми қандай эканини сўрамоқчиман.

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ. Ҳар бир мусулмон эркак ёки муслимага кофирларнинг байрамларида қатнашиши, уларга байрамни ўтказиши учун ёрдамчи бўлиши ва шу байрамга тааллуқли нарсаларни сотиши таъқиқланган. Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим (раҳимаҳуллоҳ) Савдо вазирига ёзган мактубида қуйидагиларни таъкидлаган эди:

«Муҳаммад ибн Иброҳимдан жаноб Савдо ишлари вазирига.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Сўнг …

Бизга келган хабарларга кўра, айрим савдогарлар ўтган йили янги йил келиши муносабати билан насоролар байрамига тааллуқли молларни, жумладан, арчани ўлкамизга олиб келган ва уни ажнабий насоролар ҳамда улар билан бирга байрамларида иштирок этиш учун айрим ватандошларимиз ҳам сотиб олган эмиш. Бу – қилиниши керак бўлмаган гуноҳдир. Биз, сизнинг бу ҳукмдан хабардор эканингиз, илм аҳлларининг мушрик ва аҳли китоб кофирларнинг байрамларида иштирок этишни таъқиқлаганларини жуда яхши билишингизда ҳеч шубҳамиз йўқ. Хуллас, сиздан бунга ўхшаш моллар ва кофирларнинг байрамларига тааллуқли совғалар ҳукмидаги бошқа нарсаларни мамлакатимизга олиб кирилишига таъқиқ қўйишингизни сўраймиз» («Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим фатволари», 3/105).

Аллома Абдулазиз ибн Боз (раҳимаҳуллоҳ)га қуйидагича савол берилди:

– Айрим мусулмонлар кофирларнинг байрамларида иштирок этмоқдалар. Уларга нималарни насиҳат қиласиз?

– Мусулмон эркак ва аёлларнинг насоро, яҳудий ва бошқа кофирларнинг байрамларида иштирок этишлари таъқиқланган. Балки, у байрамларда иштирок этмасликлари фарздир. Чунки: «Ким бировга ўхшаса, бас, у –  улардан биридир» (Абу Довуд 4031; Имом Аҳмад 2/50). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни кофирларга ўхшаш ва уларнинг аҳлоқлари билан хулқланишдан огоҳлантирдилар. Шунинг учун ҳам, мўъмин ва мўъминалар кофирларга ўхшаб қолишдан эҳтиёт бўлишлари керак.

Шариатга зид байрамлар бўлгани учун кофирларнинг байрамларига ёрдам бериш ҳам жоиз эмас. У байрамларда қатнаниш, байрам таъсисчиларига кўмакчи бўлиб, чой ёки қаҳва ёхуд идиш-товоқларни бериш каби ёрдам кўрсатиш, умуман мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» – деган (Моида: 2).

Байрамларида кофирлар билан бирга иштирок этиш гуноҳ ва тажовузга ҳамкорлик қилиш, демакдир («Мажмуъу фатааваш шайх ибн Бааз», 6/405).

Янги минг йил – миллениум тантаналарида иштирок этиш ҳақида берилган саволга Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасининг берган жавобида ушбу банд ҳам бор эди:

«Олтинчи: Мусулмоннинг кофирларга байрамларини ўтказиш чоғида бирон суратда ҳамкор бўлиши, жумладан, байрамларини эълон қилиши, мазкур минг йилликни тилга олиши, бирон бир восита: оммавий ахборот воситалари ёки соатларни занг уришга тўғрилаши ёхуд рақамли соатларни белгилаши ё кийим ва хотира совғаларини ҳозирлаши ёкида табрикнома ва дафтарлар ёзиши, ёки тижорий нархларни пасайтириши ёхуд моддий мукофотларни арзонлатиши ё спорт мусобақалари уюуштириши ёкида шу байрамларга хос шиорларни лавҳаларга осиши жоиз эмас».

Биродар шу фатволарга кўра кофирларнинг байрамларига тааллуқли маҳсулотларни ишлаб чиқариш сизга ярашмайди. Келинг, у ишдан Аллоҳ учун воз кечинг ва агар Аллоҳ хоҳласа, бундан кўра яхши ишни сизга насиб этар. Аллоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

Фатво № 50074,

www.islam-qa.com

Манба: Ҳикмат Нури


·

Фикр билдиринг