Катта гуноҳ қилган одамнинг ҳукми?
Катта гуноҳ қилган одамнинг ҳукми?
Савол: Аҳли суннат ва жамоат назарида катта гуноҳни қилган одамнинг ҳукми нима?
Жавоб: Ундай одам катта гуноҳни қилишга журъат этгани, уни мудом қилгани ва унинг хатарига лоқайд қарашани учун аҳли суннат назарида фосиқ ва иймони нуқсонли одам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг бошига қаттиқ азоб келиши, ҳатто кофир ва муртад бўлиб қолишидан хавф қиламиз. Чунки гуноҳлар – куфр даракчисидир. У бир пайдо бўлдими кўпайиб, қалбни ўз асоратига олади. Иймон заифлашиб, зино, маст қилувчи ичимликлар, қўшиқ, кибр, мусулмонлар ҳаққига ўғирлик, қотиллик, талон-тарожлик, туҳмат ва бошқа нарсалар билан тажовуз қилиш каби ҳаром нарсаларга интилиш кучаяди.
Гуноҳларни мудом қилиш қалб ва узвларнинг тоат-ибодат сари интилишига тўсқинлик қилади ва унга намоз ўқиш, садақа бериш ва бошқа ибодатларни қилиш оғир келади. Буларнинг диндан чиқишдан огоҳлантириш эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Шояд бу, ҳадисларда айрим катта гуноҳларга «куфр» сўзини ёки «иймонни йўқ қилиш» каби сўзларни истеъмол қилишдаги сир бўлса, ажаб эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Мусулмонни ҳақорат қилиш фосиқлик, уни ўлдириш эса куфрдир» (Имом Бухорий 46, 5584, 6549; Имом Муслим 97; Термизий 1906, 2559; Насоий 4036, 4038);
«Зоний мўъмин бўла туриб зино қилмайди» (Имом Бухорий 2295, 5150, 6274, 6284, 6312; Имом Муслим 86, 87; Термизий 2549; Насоий 4787, 4788, 4789).
Биз шундай деймиз: «У – иймони камайган ёки Аллоҳ, охират куни, илоҳий китоблар ва пағамбарларни тасдиқлаши билан мўъмин, бироқ гуноҳларни қилгани ва лоқайд қарагани учун фосиқдир».
Хаворижлар бу борада қаттиққўллик қилдилар ва гуноҳ қилган одамни кофир деб ҳисобладилар.
Мўътазилалар эса гуноҳ қилган одамни иймондан чиқарган бўлсаларда, куфрга қўшмадилар. Лекин гуноҳ қилган одам уларнинг фикрича жаҳаннамда мангу қолади.
Муржиалар эса гуноҳ қилган одамнинг иймони тўкис эканини айтиб: «Куфр билан амал фойда бермаганидек, иймон бўлса гуноҳ ҳам зарар қилмайди» – дедилар.
Аҳли суннат эса мўътадил йўлни тутиб, гуноҳ қилган одамни «У – фосиқ бўлиб, иши охиратда Аллоҳга ҳаволадир. Гарчи Аллоҳ жаҳаннамга киритса ҳам, шафоатчиларнинг ҳомийлиги ва раҳмлилар раҳмлиси бўлган Аллоҳнинг раҳмати билан уни қайта жаҳаннамдан чиқаради» – дедилар.
Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин
«Фатаава фит-Тавҳид», савол № 5.
Манба: Ҳикмат Нури

