PDF WORD

Ибн Ҳажар ва Нававийнинг китобларини ўқиш ҳақида

Ибн Ҳажар ва Нававий раҳимаҳумаллоҳларнинг китобларини ўқишдан огоҳлантираётган одам ҳақида

Савол: Ибн Ҳажар ва Нававий раҳимаҳумаллоҳларнинг китобларини «таътил» бўлгани учун ўқишдан огоҳлантираётган, гоҳида эса уларни ёқиб юборишга ва уларни бидъатчилар деб тавсифлашга буюраётган одам ҳақида қандай фикр билдирасиз? Аллоҳ сизни ўз паноҳида сақласин.

Жавоб: Ундай одамларда, Аллоҳ сақласин, ғулув бордир. Улар жуда катта хатога йўл қўймоқдалар. Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул-Борий» китоби – муаззам китобдир. Ундан кейинги ҳар бир асрдаги олимлар бу китоб чашмасидан сипқориб, фойдаланмоқдалар. У – энг эътиборли китоблардан биридир. (Бу китобдаги) эътиқод бобида йўлга қўйилган хатоларни тузатиш мумкин ва уламолар улардан огоҳлантирмоқдалар.

Ибн Ҳажар ва Нававий раҳимаҳумаллоҳлар буюк уламолардан ҳисобланадилар ва бу хатоларга қасддан йўл қўймадилар. Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўраймиз. Улар ўша муҳитда ўсдилар ва баъзи сифатларни таъвил қилдилар. Бу дегани «Фатҳул-Борий» ўқилмасин, дегани эмас. У китоб – буюк китобдир.

Нававий раҳимаҳуллоҳ ҳам Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳида сифатлар бобида айни йўлдан кетди. Бироқ, бу шарҳ ҳадис маънолари, ҳукмлар чиқариш ва фиқҳий аҳкомлар бобида буюк китобдир. Ўрнини тўлдириш ва огоҳлантириш мумкин бўлган кичик хатолар сабабли, қандай қилиб бу илмдан маҳрум қолиш керак?

Бу – ғализ хатодир. У китобларни ёқаётган ёки ўқимаслика чақираётган одамлар – ақлсиз ва жоҳил инсонлардир. Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин ва Аллоҳнинг Китоби – Қуръон Каримдан бошқа барча китоб хатодан маъсум эмасдир.

Замахшарийнинг «Кашшоф», Фахруддин Розийнинг «Мафаатиҳул- ғойб» каби хатолари кўп ва ғализ бўлган асарлар, илм излашни янги бошлаган талабаларнинг ўқишлари учун ўта хатарлидир ва улар бу китобларни ўқимасликлари керак. Чунки у китоблар сизни муаллифларнинг оқими – ҳулул, Аллоҳнинг борлигини инкор этиш ва сеҳр илмини ўрганишга чорлайди. Шунинг учун уларни етарлича билим савияси бўлган илм толибигина ўқиши мумкин.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳнинг «Фатҳул-Борий» китобига келсак, муаллиф бу китобни ёзиш учун ўн етти йилни сарф этган. «Фатҳул-Борий» – энг буюк ва энг фойдали китоблардан бири бўлиб, ҳар бир илм толибининг унга эҳтиёжи бор. Нававий раҳимаҳуллоҳнинг Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳи ҳам худди шундай.

Бу икки китобни ёқаётган ёки одамларни бу китобларни ўқимасликка чақираётган одам – ақлсиз жоҳилдир. Уни бу ишидан қайтиши учун огоҳлантириш ва таъзирини бериш керак. Унинг устидан бу жиноятдан тавба қилиши ёки таъзирини бериши учун (исломий) давлат идоралари ва (исломий) маҳкамаларга шикоят қилиш керак.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Рожиҳий

Манба: Ҳикмат Нури



·

Фикр билдиринг