Бир киши Буванаҳ деб номланган жойда қурбонлик қилишлик учун қасам ичган экан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳақда сўрагандаларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўша ерда жоҳилият бутларидан бирор бут борми?” деб сўрадилар. Улар: “Йўқ!” деб жавоб берганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мушриклар ўша ерда бирор бир маросим қилишадими?” деб сўрадилар. Улар: “Йўқ!” деб жавоб қилдилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, қасаминга вафо қил (яъни қасамингни бажар), чунки Аллоҳга осий бўладиган амалларда (яъни ширк амалларда) қасамга вафо қилинмайди" дедилар
Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги суннатлари, у зот буюрган ва қайтарган ишлар ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлларни бугунги кунда одамлар қилаётган ишларга солиштирган одам бу иккисининг бир-бирига бутунлай тескари эканини кўради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар, улар қабрлар олдида намоз ўқишади. Қабрларни масжидлар қилиб олишдан қайтарганлар, улар қабрлар устига масжидлар қуриб, уларни машҳадлар деб аташди. Қабрлар устида чироқ ёқишдан қайтарганлар, улар қабрлар устида шамчироқлар ёқишга вақфлар ажратишади. Қабристонларни ийдгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, улар эса қабристонларни ҳар турли маросимлар ўтказиладиган жойга айлантириб олишди, уларда ҳайит байрамларига тўпланганидан ҳам кўпроқ одамлар тўпланадиган бўлди»